Adib hayoti

АБДУЛЛА ОРИПОВ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Абдулла Орипов (1941.21.3 — Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғи – 2016.5.11 – Хьюстон, Техас штати, АҚШ) — шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998).

ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963—69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983—85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 йилдан) бўлиб ишлаган.

Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), “Эзгулик” (2012) ва бошқа кўплаб шеърий китоблари нашр этилган.

Абдулла Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксарияти муаллифи.

1990 йилдан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган. Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси, Сока университети (Япония) профессори эди. Ҳамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати бўлган.