УЧ ЗИНА

Уч ажиб зинадан ўтгайдир Инсон,
Гўёки ғазалнинг уч гўзал байти.
Хоҳлар ё хоҳламас, одам бегумон
Ўзи учун яшар болалик пайти.

Бир кун у камолот ёшига етгай,
Бу фасл ҳамиша умрларга зеб.
Инсон тайёр турар синовларга шай,
Яшайди оилам, элу юртим деб.

Кексалик йилларин сўрарсиз энди, 
Ахир тажриба бор унинг қўлида.
Ўйламанг, шу билан у тўхтаб, тинди,
Инсон ўзин топди Аллоҳ йўлида.
           
Истанбул,  2014 йил 18 январь

✍️ Абдулла Орипов


КУЗ МАНЗАРАЛАРИ

Яна далаларга бошлайди ҳавас,
Боғларда ҳазонлар ёнади лов-лов.
Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас,
Менинг юрагимдан тўкилган олов.

Шохларда мезонлар ялтирар хира,
Пойида шивирлар менинг куйларим.
Дўстларим, булар ҳам мезонмас сира,
Бу менинг чувалган, сўнгсиз ўйларим.

Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,
У энди ёндирмас, ялтирар фақат.
Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,
У олис ёшликда қолган муҳаббат.

1967
✍️ Абдулла Орипов


ТАЪЗИЯ

Сен кетдинг, қолганлар
Ўйнасин, кулсин,
Маконинг, илоё, 
Нурларга тўлсин.
Аслида, бу дунё
Ташвишларидан
Қутулиб кетганинг
Муборак бўлсин.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 14 октябрь

✍️ Абдулла Орипов


ЎРМОНДАГИ ВОҚЕА

Атаб душманига ёки дўстига,
Бомба ташладилар ўрмон устига.

Бироқ у негадир портламай қолди,
Ўрмон ўртасида тошдай жой олди.

Ҳайвонлар қизиқиб кела бошлашди,
Аввал ҳадиксираб назар ташлашди.

— Бу не? — деб бошини қашлади бўри,
Лол эди арслон ҳам — ҳайвонлар зўри.

Ҳеч нени тушунмас айиқ ва сичқон,
Анқайиб туришар қушлар ҳам ғужғон.

Ҳидлаб кўришдилар, ялашдилар, бас,
Англаб етдилар-ки, уни еб бўлмас.

Ҳайвонлар тарқалди йиғилган жойдан,
Шўрликлар, бомбани билишсин қайдан?

Аслида илдизи биттадир ҳаёт,
Яшашга ҳақлидир жами махлуқот.

Тирикликка шуни қилдингми эҳсон,
Тафаккур соҳиби, муҳтарам Инсон!

                           2015 йил 3 май

✍️ Абдулла Орипов


ТАШЛАНДИҚ ВАГОН

Вокзал улкан шаҳар чегарасида,
Поездлар шамоли тинмай уфурар.
Чеккада, темир йўл заҳирасида
Фақат битта вагон мунғайиб турар.

Қаёқдан келган у? Билмайди биров,
Унинг на йўловчи, на эгаси бор.
Ёз бўйи саратон ёндирар лов-лов,
Қиш ўтиб, эримас томидаги қор.

Бир замон йўлчига кўшк бўлган у ҳам,
Водийлардан ўтган, саҳродан ўтган.
Булутдай виқорли, шамолдай илдам,
Не-не манзилларга қадами етган.

Ўтган йўлларини эсласа ҳамон
Ўзи ҳам ишонмас юрганлигига.
Бағридан жой топиб қанчалар инсон,
Ҳатто шоҳлар базм қурганлигига.

Ҳеч ким қаторига энди уламас,
Ўрнидан жилмоққа етмайди холи.
Ҳатто сувараклар яқин йўламас,
Ташландиқ вагон у. Шулдир аҳволи.

 2013 йил 25 декабрь
✍️ Абдулла Орипов


БАШОРАТ

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Дорилфунундаги билим таянчи.
Қабрингиз қошида дейман чўкиб тиз:
Умрингиз якуни ғоят аянчли.

Башорат қилдингиз нималарнидир,
Уларнинг ҳеч бири топмади исбот.
Бошга кўтарардик Сизни барибир,
Чунки билмас эдик, қанақа ҳаёт.

Бизга уқдирдингиз, буткул ер юзи
Кетиб бораётир нотўғри йўлдан.
Тарихни ёритар Маркснинг сўзи,
Бошқалар бахтини бой берган қўлдан.

Бизга уқдирдингиз, эътиқод, иймон,
Кўп борса, чилимнинг тутуни, холос.
Сира дўст бўлмайди қорни тўқ инсон,
Дунёни янгилаш бизларгадир хос.

Бизга уқдирдингиз, уммон ортида,
Бир тузум ётибди, тагидан чириб.
Охир тонг қолдингиз тарих олдида,
Айтган гапларингиз аксини кўриб.

Наҳот, ўйин эди инсон тақдири,
Наҳот, ўтган умр таваккал яккаш.
Наҳот, жаҳолатдир бу ҳолнинг сири,
Қолди бўйнингизда башарни алдаш.

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Аччиқ қисматингиз ибратдир бироқ.
Узр сўрамоқлик шарт экан сўзсиз,
Башоратдан аввал, фолдан олдинроқ.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 12 сентябрь

✍️ Абдулла Орипов


МУАЛЛИМ

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир:
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Ўқидим Геродот, тарихни кўп бор,
Форобий, Дантени такрор ва такрор.

Барини ўқидим, лол қолди ақлим,
Барига устозсан ўзинг, муаллим.
Алишер қалбига солган сеҳр-файз
Сенсан, эй муаллим, устоз Абул-Лайс.

Қутлуғ хонадонда қутлур калом бу,
Ҳамид Олимжон бу, Ғафур Ғулом бу.
Буюк Темур сендан топгандир таълим,
Сен шундоқ, азиз зот, азиз муаллим.

Рост айтсам, ўзингсан энг аввал даҳо,
Сен ҳаёт ганжида дурри бебаҳо.
Улуғ айёмингда шеърий калом бу,
Шогирдлар номидан қутлуғ салом бу.

1972

✍️ Абдулла Орипов


УСТОДИ АВВАЛ

Нега шеър ёзмайин юракдан ёниб,
Нега таъзим этмай сизга бу маҳал.
Нега хизматингиз  қилмай қувониб 
Эй азиз муаллим, устоди аввал.

Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда  илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор –
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.

Митти гўдак чоғидан то умр бўйи 
Сизнинг чеҳрангизга мамнун боқамиз.
Сизгадир юракнинг жарангдор куйи,
Оқил Шарафиддин, машҳур отамиз.

Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.

Ёлғиз фарзандимиз қолса тумовлаб,
Тушамиз ваҳима, васвасасига,
Сиз-чи, дош берасиз неча ўн йиллаб
Минглаб митти зотнинг машмашасига.

Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.

Шафқат  ҳам, меҳр ҳам қалбингизда бут,
На ранжу, на ҳориш, оҳу волалар.
Сизнинг қаршингизда сақлайди сукут
Олтмишга кирса ҳам шогирд болалар.

Дилда зиё борки умр сарафроз,
Майли, у ҳамиша бахт билан тўлсин.
Эй, азиз муаллим, эй, азиз устоз,
Букун байрамингиз муборак бўлсин.

1980

✍️ Абдулла Орипов


МУАЛЛИМЛАРГА

Нечоғ бахтиёрман, таъзимда шу тоб
Сизнинг шаънингизга битмоқдаман байт.
Не одам бўлардим, қўлимда китоб
Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.

Сиз-ку "Алифбо"дан "Қомус"гача то
Бари-барисини танитган устоз.
Илк бор Сиз кўрсатган дурахшон Зуҳро
Букун шеърим ичра ташбеҳдир мумтоз.

Сиз мўъжаз юракда ёқолган ёғду
Оқибат қуёшдек соча олур нур.
Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:
Сиздан бошланади асли Тафаккур.

Оламда кўп эрур муборак онлар,
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.
Сизгадир илк раҳмат, азиз инсонлар,
Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.

1974

✍️ Абдулла Орипов


ШОИР ЮРАГИ
 
Ўтар бу кўприкдан жамики жонзот,  
Чумолидан тортиб филлар ҳам ўтар.  
Султонлар ўтади гоҳ шод, гоҳ ношод,  
Занжирларин судраб қуллар ҳам ўтар.
 
Элчиларга ўхшаб турфа замондан  
Шалоқ аравалар, “мерс”лар ўтади.  
Рўбарў келишиб икки томондан,  
Бир-бирига тамом терслар ўтади.
 
Суйишганлар ўтар суяб бир-бирин,  
Бузувчилар ўтар, ўтар усталар.  
Ҳушёрлар ўтади тежаб кўз қирин,  
Ўтади эмаклаб пиёнисталар.
 
Ўтиб бораётир ана жуфт гуруҳ, 
Бири шўх, бировин кўзларида нам.  
Етаклаб бормоқда бирини шукух,  
Бошқа бировини етаклаган ғам.
 
Олифталар ўтар - ғариб сийрати,  
Ботирлар ўтади - қалбида ўтлар.  
Бешиклар ўтади - дунё зийнати,  
Ўтади лапанглаб, вазмин тобутлар.
 
Муттасил бу йўлда келади тўқнаш  
Hyp билан зулумот, ўлим ва ҳаёт. 
Бу кўприк оламнинг ўзига ўхшаш, 
Бир фарқи - соҳиби ихтиёрсиз зот.
 
Кўприк остидаги жўш урган дарё, 
Сув эмас - ўтганлар тахир кўз ёши.  
Ҳар нени кўтарган бир ўзи танҳо. 
Бор на таъмирчиси, на бир юкдоши.
 
Бу кўприк, бу кўприк қуласа агар. 
Не ҳислар қоларди сарсон-саргардон.  
Гарчи қисматида бор қанча хатар, 
Ҳар нечук барига у балогардон...
 
2000 йил, август 

✍️ Абдулла Орипов


ҚИЗИҚИШ

Агар ёқмай қолcанг,
Терc бўлcа дунё,
Cуғириб ўтирмаc бирор тишингни.
Тайёр иштаҳангни бўғиб мутлақо,
Йўқотар таомга қизиқишингни.

Тағин cен кўзига кўринcанг ёмон,
Тортиб олмаcа ҳам амал, ишингни.
Бормайдиган қилар идоранг томон,
Ўчирар ҳафcаланг, қизиқишингни.

Майдалашиб юрмаc дунё юз бурcа,
Тўкин ҳам қилгайдир ёзинг-қишингни.
Ва лекин лоқайдcан гуллар қулф урcа,
Cўндирар борлиққа қизиқишингни.

Бир куни зерикар ўзи кажрафтор,
Унутар келажак ва ўтмишингни.
Унга ўйин керак, ўйинчоқ даркор,
Яна тирилтирар қизиқишингни.

                   2012 йил 24 декабрь

✍️ Абдулла Орипов


ТАФАККУР МАДҲИ

Беруний шаънига йўқ асло таъриф,
Колумб ҳам даврига ярашган кўздек.
Бироқ ҳанузгача қалам кўтариб,
Ўзича келмаган бу жойга ўзбек.

Сирли юрт санчиқдай берганди азоб,
Шўронинг кибрли салтанатига.
Дердилар, бормангиз, бўлгайсиз хароб,
Буржуйнинг чириган мамлакатига.

Магар келса ҳамки бирорта сайёҳ,
Ёзғириб ёзарди етганча кучи.
Эмишки, кўчалар тўла оҳу воҳ,
Машаққат карвонин кўринмас учи.

Гўё пайқашмади ғалабани соф,
Армстронг ой узра қўйганда қадам.
Ё, фалак, бандангда борми ҳеч инсоф,
Шунчалар ҳасадгўй бўларми одам.

Эплай олмаган у ўзини асло,
Бутлаб ҳам бермаган бировнинг камин.
Шу боис, дунёда тўхтамас ғавғо,
Шу боис, ўнгланмас шўрлик бу замин.

Ва лекин ўзбекка тафаккурдир зеб,
Маърифат меросдир чунки қонида.
Агар керак бўлса, илму фанни деб
Тўй бергай Самарқанд Регистонида.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 20 август

✍️ Абдулла Орипов


УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР

Уммон соҳилида кезаман бедор,
Тонг қолиб Тангрининг мўъжизасига.
Қулоғим тутаман такрор ва такрор,
Ҳаётнинг абадий, ўлмас сасига.

Эзгу дийдор учун айтаман раҳмат,
Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.
Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,
Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим.

Шукурлар дейману кўзим ёшлайман,
Жажжи набиралар меҳрига қона.
Ирим, деб уммонга танга ташлайман,
Зора, қайтиб келсам сен томон яна.

Менинг кўз ўнгимдан ҳар лаҳза, ҳар дам
Асло кетган эмас юртим жамоли.
Узоқ бу уммонда сузиб юрсам ҳам,
Юзимга урилди гўё шамоли.

Ҳамиша ўзингдан олдда бўл, Инсон,
Бу дунё барчага баробар, билгил.
Тепангда турган шу думалоқ осмон,
Шарқда ҳам мавжуддир, тасаввур қилгил.

Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,
Таклиф этилсайди жами одамзод.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.

Худо яратмаган сарҳадлар ясаб,
Бандаси орттиргай ўзига малол.
У юксак бўлмади тоғларга ўхшаб,
Кенг ҳам бўлолмади уммонлар мисол.

Ўзга маъволарга келдим мен нечун,
Бегона жойларга меҳримни сочиб.
Олис йўллар босдим сиҳатим учун,
Балки ғавғолардан нарига қочиб.

Бир мантиқ ҳаётда учрайди бироқ,
Қошида милёнлар ўйга толгайдир.
Ёмонлик тилаган яшайди узоқ,
Яхшилик қилганлар ночор қолгайдир.

Қўшнининг мушуги эринмай асло,
Бизнинг ертўлада овлайди сичқон.
Ҳозирча туш менга мансубдир, аммо,
У ҳам қўлга тушгай, топсалар имкон.

Афсуслар чекаман Маҳшаргача то,
Унутдим ўз арким кўнгурасини.
Нима деяримни билмасдан ҳатто
Чалдим бировларнинг дўмбирасини.

Бугун ҳеч кимсага келтирмас шараф
Ясама шуҳрату сохта савлатлар.
Лекин иймон келтир тегрангга қараб,
Бордир буюк зотлар, улуғ давлатлар.

Жаноб Расулуллоҳ айлаб марҳамат,
Чақирмиш умматин бардош, сабрга.
Дедилар, ўтганни қарғаманг минбаъд,
Тегманг улар ётган гўрга — қабрга.

Мени — ку тириклай маҳв этди булар,
Ҳатто бездирдилар буткул оламдан.
Бундай қабоҳатдан тоғлар ҳам қулар,
Денгизлар шўр тортар бундай аламдан.

Қирғий учиб юрса ҳовлинг узра гар,
Товуқда қоларми бирорта жўжа.
Юртни таладилар неча- неча ғар,
Неча қорача- ю, неча бир хўжа.

Менга ажабланиб қарама, болам,
Ҳамроҳинг бўлолсин бардош ва тоқат.
Мен балки кексайиб, чарчаган одам,
Холислик излаган куйчиман фақат.

Топсам эзгуликни чулғади сурур,
Баробар туюлди ёзим ва қишим.
Адолат қалбимга бахш этди ҳузур,
Бошқа юмуш билан йўқ зарра ишим.

Мудом ҳаёлимда у қутлуғ аждод,
Муборак тафтлари қуёшлар қадар.
Магарким, уларга эканман авлод,
Нега йўқолайин номсиз ва бадар?

Зурёдим эрурсан ўзинг, набирам,
Олгин юлдузларни қўлингни чўзиб.
Ахир қоним жўшар танингда шу дам,
Нега сен кетмассан мендан ҳам ўзиб.

Бир умр курашдик орзулар учун,
Ҳавойи сўз айтиб, ўртама жонни.
Дунё карвонининг бошида бир кун
Кўрсам етарлидир, Ўзбекистонни.

АҚШ. Атлантика.  2015 йил 1 сентябрь

✍️ Абдулла Орипов


КЕКСА МУҲОЖИР

— Нега қаддинг эгик, нега бошинг хам,
Нега нигоҳингни тортади тупроқ?
— Менинг ер устида танишларим кам,
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ.

1986

✍️ Абдулла Орипов


                         ***

Ҳали олдиндадир гўзал кунларим,
Ҳали лаб тегмаган кулгулар олдда.
Вазнга тушмаган қўшиқлар олдда,
Ҳеч нима эмасдир бу кўрганларим.
Ҳаммаси олдинда, ғам ҳам, алам ҳам,
Айрилиқ ҳам, қанотлари зил...
Саксон ёшли бобо, сен ҳам дунёнинг
Ҳаммасини кўрдим, демагил.
Асло ундай дема,
Ўн гулимдан бири ҳам
Очилмаган деб тургил ҳар вақт.
Ҳаммасини кўрдим,
Тўйдим деган кунинг, билсанг,
Яшамоққа қолмайди ҳожат.

1960

✍️ Абдулла Орипов


               ВАФО

“Менга вафо қилмагач санам
Хотинларга ҳурматим нечун?”
Шу байтларни ёзаётган дам
Осонмиди Лермонтов учун.

Энди мисга айланган олтин,
Вафо сўзин англашар аранг.
Лермонтовни айблашдан олдин,
Ҳаётга ҳам қайрилиб қаранг.

               2015 йил 8 февраль

✍️ Абдулла Орипов


              МАНТИҚ

Дунёдаги жамики неъмат,
Инсон учун яралган, дерлар.
Дарёлар ҳам теграда фақат
Бизлар учун таралган, дерлар.
 
Ер остида конлар ҳам шундоқ,
Тайёрланган фақат биз учун.
Ёғ билан сут, патир ва қаймоқ
Оширади танамиз кучин.
 
Мен мантиқни севдим жуда ҳам,
Лекин чиқди саволлар доим.
Хўш, ким учун яшайди одам?
Ёлғиз Ўзи билгай Худойим.
 
АКШ,Хьюстон, 10.09.2016

✍️ Абдулла Орипов


РОСТГЎЙЛИК

Мени лақиллатиб,
Айтаверма сўз,
Мана бу оташдир,
Мана бу-чи, муз.
Қурбақа эмасдир
Малика асло,
Яхшини яхши де,
Ёвузни ёвуз.

2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон

✍️ Абдулла Орипов


ХОНАКИ ФИЛ

Йилларим ўтдилар,
Ўргандим қўлга,
Айландим сиз кўрган
Хонаки филга.

Гарчи хўжайиним
Қилтириқ, ориқ,
Жонимни суғуриб 
Олмоғи аниқ.

Фириб тушмасайди
Агар ёнига,
Улоқтирар эдим
Ҳинд уммонига.

Қамчин ва таёқнинг
Заҳрин билмабсиз,
Дунёга келмабсиз,
Ҳали келмабсиз.

2015 йил 4 сентябрь. АҚШ, Хьюстон

✍️ Абдулла Орипов


МАСЪУЛЛАР

Ерда тараққиёт авжига минди,
Эга топилгайдир ҳар қандай корга.
Аввал битта қассоб етарди, энди
Ўнта қассоб бордир битта қўчқорга.

Илгари замонлар довруғи баланд,
Бир бахши яшарди овулда ғолиб.
Бугун катта-кичик ижод билан банд,
Куйлар, халачўпни қўлига олиб.

Қачондир каттакон маҳалла-кўйни,
Уддалаб келарди ёлғиз оқсоқол.
Ҳозир рота бўлиб бошқарар тўйни,
Басдир, ёдда қолган уч-тўртта мақол.

Гапларим киноя, пичингдан йироқ,
Бу - янги асрнинг мутоибаси.
Масъуллар янада бўлсалар кўпроқ,
Шаклланиб борар ҳалқ тоифаси.

Гўдаклар ўзини посбон дейди чўнг,
Ўйинчоқ милтиғин отиб толмайди.
Ҳамма қўриқчига айлангандан сўнг,
Қўриқланадиган нарса қолмайди.

Хўш, ундан кейин-чи? Юз берар не ҳол?
Яна мажлис қилиб, йўриқлашади.
Вазифа кўриниб турибди яққол:
Энди бир-бирларин қўриқлашади.

2015 йил 3 сентябрь. АҚШ, Хьюстон.

✍️ Абдулла Орипов


ЧАЛА ИМОРАТ
 
Оғзин очиб ётар чала иморат, 
Атрофи ўраю тошдан иборат.
 
Ҳар ён чакалакзор, бурган ва янтоқ,  
Остона ўйилган, узилган равоқ.
 
Хотирами дейсан у қаттол жангдан, 
Ё ёдгор асрлар қолдирган чангдан.
 
Қора туйнукларда увиллар шамол,  
Қамиш том гажирлар маҳзун, бемажол.
 
Баҳор, ёз ўтади, ҳануз у чала,  
Каламушлар ғуж-ғуж, қушлар хам гала.
 
Ташландиқ бу уйнинг соҳиби кимдир?  
Ё фалак! Бу ҳолнинг сабабин билдир!
 
Бир қуш ярим тунда беради садо,  
Саволимга жавоб қилгандай гўё:
 
- Не керак гапингнинг нега, негаси, 
Ё шоир, ё марҳум бунинг эгаси.
 
2002 йил, август 

✍️ Абдулла Орипов


ЎЗБЕКМАН
 
Янги бир асрнинг остонаси бу, 
Етишдим умримнинг қутлуғ ёшига. 
Тилимда шукрона, дилимда ғулу, 
Тарих саркотибин келдим қошига:
 
Мана, мен ўзбекман, қўлимда туғим  
Ва барча аъмолим битилган китоб. 
Шунинг ичидадир борим ва йўғим, 
Шунинг ичидадир мен учун офтоб.
 
Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун, 
Тилим қисиқ эмас башариятдан. 
Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун,  
Зувалам қорилган самимиятдан.
 
Ўзбекман, гоҳида иқболим кулиб, 
Гоҳида ўзимдан чиққан офатим. 
Дунёни олсам-да жаҳонгир бўлиб, 
Гўдак йиғисига йўқдир тоқатим.
 
Ўзбекман, қанчалик жафо чекмайин, 
Ўзимга ҳақ эдим, ўзимга ҳақман. 
Яшадим ёвларга бўйин эгмайин, 
Бугун ўз эркига эришган халқман.
 
Истиқлол, кетма юрт пешонасидан, 
Толе, тарк этмагин бизни илоҳим. 
Мана, янги аср остонасидан 
Ўтдим. Бисмиллоҳир Роҳмонир Роҳийм.
 
2000 йил, декабрь

✍️ Абдулла Орипов


ИМТИҲОН

Сен Ватан ҳақида берма кўп савол,
Лоф урма Ватаннинг муҳаббати деб.
Уни мансаб каби айлама хаёл,
Ёхуд маърузангга эмасдир у зеб.
Ватан танангдаги жондир, қондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Бу улуғ севгида илоҳийлик бор,
Ватанни чин фарзанд фаромуш этмас.
Менга ўз туйғумни ўргатма зинҳор,
Инчунин, кибрнинг бозори ўтмас.
Рост гапни ёлғондан фарқлар ондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Асл қаҳрамон ким ёруғ дунёда?
Ғоясин таъмага алмашмаган зот.
Чуғурчуқ кўпайса ҳаддан зиёда,
Бургут бўлиб яшаш олий мукофот.
Қул ҳам юртин севса шоҳдир, хондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Гарчи кўҳна замин умум макондир,
Инсоннинг ҳар жойда ёнсин чироғи.
Мўъжаз бўлса ҳамки, кулбанг ошёндир,
Она даргоҳидек унинг қучоғи.
Сен учун поёнсиз каҳкашондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Азал мусофирдир дунёда одам,
Руҳим гарчи собит, муаллақ таним.
Бир умр қўйнингда муқим турсам ҳам,
Соғиниб яшадим сени, Ватаним.
Меҳр бир, нафрат ҳам бир томондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Майли суймасинлар мени ғанимлар,
Йўлимни тўссинлар рақиблар ҳатто.
Ватан ҳар қайда ҳам маёқдек имлар,
Ғурурим юксалар самогача то.
Ҳеч кимга бергувсиз довруғ, шондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

2015 йил 24 июль. АҚШ, Хьюстон.

✍️ Абдулла Орипов


ВАТАН УЧУН ЯШАЙЛИК

Ўн гулингдан бир гулинг очилмаган дердилар,
Йўлларингга сочқилар сочилмаган дердилар.
Ўн гулинг ҳам чарақлаб очилди-ку, оҳ, юртим,
Йўлларингга зар-кумуш сочилди-ку, оҳ, юртим.

Ўзбекистон – ягона Ватан учун яшайлик,
Ватан ичра бу гўзал чаман учун яшайлик.

Айтмасинлар ғанимлар, кимларгадир зор бу юрт,
Буюк Соҳибқирони, Алишери бор бу юрт.
Аллоҳ ўзи етказган инъомини асрагай,
Тўғросини, тахтини, исломини асрагай.

Ўзбекистон – ягона Ватан учун яшайлик,
Ватан ичра бу гўзал чаман учун яшайлик.

Кел, азизим, ёнимга, юлдузмисан, оймисан,
Ўзбегимсан ҳамиша, юпунмисан, боймисан.
Ватандошим, шу тенгсиз Ватанни куйлашайлик,
Замон келди, бизлар ҳам дунёга бўйлашайлик.

Ўзбекистон – ягона Ватан учун яшайлик,
Ватан ичра бу гўзал чаман учун яшайлик.

2001 йил, август

✍️ Абдулла Орипов


     ТУҒИЛГАН КУН

Оҳорли дўппингни кийиб ол, ўғлим,
Дарвоза олдини супур, келинжон.
Тортмамда турибди нафақа пулим,
Олинг болаларга совға бир жаҳон.

Тағин айтиб қўяй, унутма буни,
Кампир, ҳамсоянгга чиқартиргин ош.
Бугун Истиқлолнинг туғилган куни,
Бугун тантанага Давлат ўзи бош.

                      2013 йил август

✍️ Абдулла Орипов
 


ҲУРРИЯТ

Ҳуррият, муқаддас байроғим ўзинг,
Гарчи ғанимлар бор ичу тошингда.
Мен учун фахрдир ҳар айтар сўзинг,
Бир умр парвона бўлгум қошингда.

Ҳуррият, дадил боқ, ёвлар иғвоси
Тутса, этагингдан тутаверсинлар.
Ҳасадга тўладир улар даъвоси,
Олдингдан бари ҳам ўтаверсинлар.

Ҳуррият нелигин машъум замонда
Поймол бўлган ҳуқуқ, ҳаққимдан сўранг.
Қадрин тополмайин яшаб армонда,
Тили забун бўлган халқимдан сўранг.

Ҳуррият нелигин хоки хор бўлган
Имом Бухорийдек Инсондан сўранг.
Ватани ўзига тангу тор бўлган
Қодирийдан сўранг, Чўлпондан сўранг.

Одамзот бор экан кўкка тикиб кўз,
Орзу қилганини кутгай бетоқат.
Тарих туҳфа берса, олгай у сўзсиз,
Ҳуррият аталмиш гавҳарни фақат.

Шоирлар ёзгайдир қасидасин ҳам,
Куйлаб ҳурриятнинг хушсафосини.
Ризқин териб юрсин, майли, ҳар одам,
Ҳар эл азиз тутсин Раҳномасини.

Болам, сен йўлдасан, ет ниятингга,
Озод кечган умр – жаннатлардан соз.
Билиб қўй, шу қутлуғ Ҳурриятингга
Ўн саккиз минг олам фидо бўлса оз!

                                2009 йил 20 июль

✍️ Абдулла Орипов


ТОҒЛАР ҲИКОЯСИ 

Бундан кўп йил муқаддам,
Бошқа бир замонларда.
Бўлиб ўтди зўр мажлис,
Ҳисортоғ томонларда.

Тоғ дегани шунчаки
Томошагоҳ жой эмас.
Тоғликларнинг егани
Нуқул болу мой эмас.

Йил келмаса ўт қовраб,
Булоқлар қуриб битар.
Бир сел босса бувангнинг
Гўрини ювиб кетар.

Ўзидан ўтганини
Тоғлик ўзи билгайдир.
Молига шоқол, бўри
Шерикчилик қилгайдир.

Чора излаб куёвнинг
Ранги-рўйи бўзарган.
Таппи ёқиб, келиннинг
Икки кўзи қизарган.

Хуллас, масала жиддий,
Тоғликларга ёрдам шарт.
Зўр мажлис қарор қилди:
—Таклиф билан чиқсин мард!

Кимдир деди: — Довонда
Янги шиор илайлик.
Ва албатта ёнида
Қизил бурчак қилайлик.

Кимдир деди: — Раисман,
Жамоам деб куяман.
Бўриларга қопқонни
Менинг ўзим қўяман.

Буларнинг бари зарур,
Чойхона, кўприк, шийпон.
Ўша пайт қўрқа-писа
Қўл кўтарди бир чўпон.

Деди: — Эшитганимни
Эслаб қолдим шу чоқда.
Қайдадир таппи эмас
Газ ёнармиш ўчоқда.

Шу маҳал зўр мажлисни
Зўр тўлқин чулғаб олди.
Қаҳ-қаҳ уриб нечалар
Қорнин чангаллаб қолди:

—Қаранг бунинг гапини,
Чарх уради осмонда.
Бўларини билмайди,
Шунинг учун чўпон-да!

Ўтовимда газ гўё
Шамолдай елсин дейди.
Қўйиб берсанг, тоғларга
Поезд ҳам келсин, дейди.

Ўша куни зўр мажлис
Тарқалди хахолашиб.
Янги чиққан лофчи деб,
Чўпонни баҳолашиб.

Во ажабо, Аллоҳнинг
Даргоҳи хўб кенг экан.
Гоҳида бир дақиқа
Асрларга тенг экан.

Гоҳ одамзод минг йиллаб
Ялов қилгай ёлғонни.
Аллоҳ уни ростлай деб
Юборгай бир Инсонни.

Зўр мажлисдан сал ўтмай
Замонлар чеврилдилар.
Ёлғон кетиб ёлғонга,
Рост — ростга эврилдилар.

Чўпоннинг лафзи билан
Сўз айтганми Жаброил.
Замон унинг гапига
Мойил бўлди, ҳа, мойил!

Ўчоқларда ловуллаб
Газлар ёна бошлади.
Келинчаклар таппини
Бир чеккага ташлади.

Мўъжиза атайсизми,
Туш дейсизми — фарқи кам.
Бир куни денг, тоғларга
Кириб келди поезд ҳам!

Элу юртнинг кўзича
Бунёд бўлди ҳаммаси.
Таърифлашга бир ҳовли
Бахши керак чамаси.

Зўр мажлисда қатнашган
Ўша казо-казолар,
Катта-кичик, баланд-паст,
Ҳоказо-ҳоказолар.

Чўпоннинг ўтовига
Туртиниб келишдилар.
Газ ўчоқ кабобидан
Газак ҳам қилишдилар.

Дедилар: — Ҳой биродар,
Узр, кўзга илмабмиз.
Айтганинг бари бўлди,
Таъбирини билмабмиз.

Ўша йиғин зўр тарих,
Эсдан чиқмас умрбод.
Қатнашган экан унда
Мустақиллик деган зот! 

2011 йил август

✍️ Абдулла Орипов


"АЙБДОР"

Ҳеч кимса демагай: «Гуноҳкор ўзим»,
Айбдор замонадир, айбдордир тузум!
Ўғри қўлга тушиб қамалган бир чоғ,
Айбдори, албатта, Сталин олчоқ.


Устингдан ёзади бир қулоч туҳмат,
Дейди: «Чора кўрмас, айбдор ҳукумат!»
Сигири сут бермас, оҳ чекар ночор,
Ўйлаб тополмас ҳеч, бунга ким айбдор?

                     2006 йил 10 октябрь

✍️ Абдулла Орипов


САН-ФРАНЦИСКОЛИК ТАЛАБА БИЛАН СУҲБАТ

(Оқ шеър)

Менинг гапим билан дунё ўзгармаса,
Сенинг гапинг билан дунё ўзгармаса,
Унинг гапи билан дунё ўзгармаса,
Аҳвол шундоқ экан, деб жим ўтира берсак —
Яхшими?
Қуёш бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Юлдузлар бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Ой ва ер бир кишиники эмас, шубҳасиз,
Модомики, шундоқ экан, нечун бу талотўп —
Нечун бу шўриш?
Сталинградда ҳалок бўлганларнинг,
Сонмида ҳалок бўлганларнинг,
Сабра-Шатилада ҳалок бўлганларнинг,
Яшашга ҳақлари бормиди, ахир?
Бор эди, шаксиз!
Билъакс ҳайқирмоқ керак — жим
ўтиргандан кўра,
Тирикликни талаб қилмоқ керак — жим
ўтиргандан кўра.
Бақирмоқ, ҳа, бақирмоқ керак — жим
ўтиргандан кўра.
Бақир, ҳа, бақир, қулоқлари батанг бўлсин
токи —
Урушқоқ афандиларнинг...

1985

✍️ Абдулла Орипов 


Оқшом

Айтинг! Еллар бемаҳалда эсмасун,
Ёш ниҳоллар бошин ерга эгмасун.
Айтинг, бемаҳалда эссада,
Тегса манга тегсун, ёра тегмасун.

Ёр кўйингда кўп довонлар ошганман
Дарё кўрсам дарё бўлиб тошганман.
Бир парининг висолига шошганман,
Айтинг, еллар бемаҳалда эсмасун
Тегса манга тегсун, ёра тегмасун.

Ёрки, оқшом - нозли уйқуда ҳали
Мухлисининг васли қўрқувда ҳали
Улки ором олгувчи қувда, ҳали.
Айтинг еллар бемаҳалда эсмасун,
Тегса манга тегсун, ёра тегмасун.

Висол дами бўрон бўлса, майлига
Ул шўхи-шан ҳайрон бўлсин, майлига
Бўронларга ўргатарман, эсмангиз,
Ҳей сиз еллар, ёр оромин бузмангиз.
Айтинг, еллар бемаҳалда эсмасун
Тегса манга тегсун, ёра тегмасун.

                                           1960 йиллар
✍️ Абдулла Орипов


БАХШИЁНА

ҲАЁТ АЖОЙИБОТЛАРИ

Бир умр яшадинг кўзингни ёшлаб,
Ўзи йўқ омаддан нолидинг секин.
Атай келтирдилар дарёни бошлаб,
Сув сенинг ҳовлингга чиқмасди лекин.

Ахир пўлат эмас бу жону бу тан,
Аёз ва изғирин ялайверади.
Ҳимоя қилишар нуқул бомбадан,
Қумурсқалар эса талайверади.

2015 йил 2 август. АҚШ, Хьюстон.

✍️ Абдулла Орипов


Шоир Усмон Азимга

Усмон шоир, ёш бўлсанг ҳам
Қўллаб юбор,
Бахшиёна шеърга мени
Йўллаб юбор.
Бу дунёда нима кўпдир –
Ташбеҳ кўпдир,
Ажабтовур образларни
Мўллаб юбор.
Баъзи биров, сену менга
Қумсан дейди,
Мен гапирай, ўтирабер,
Жимсан дейди.
Устозни-ку назар-писанд
Қилмас улар,
Ўрни келса, отасига
Кимсан, дейди.
Йўлда ногоҳ учраб қолса
Бирор раҳбар,
Содиқ итдай эргашади
Балхга қадар.
Керак бўлса, кузатади
Ҳаммомгача,
Тиз чўкади, буйруғини
Берса агар.
Бой зотини кўрганда–ку
Учар ҳуши,
Қолиб кетар қариндошу
Тенгу тўши.
Дунё топган тентак каби
Қувонади,
Сарқитидан кўз узолмас
Кўнгил қуши.
Шоирман, деб чиққанларнинг
Ярми пўкдир,
Хўрозчадай қичқиради,
Қорни тўқдир.
Рамазонда равган айтган
Болалардан,
Ўлай агар, тирноқча ҳам
Фарқи йўқдир.
Бир мактабда ҳаммамиз ҳам
Сабоқ олдик,
Ёлғон-яшиқ  мақтовларни
Ишга солдик.
Во ажабо, илжайишиб,
Тиржайишиб,
Ўзимиз ҳам ўшаларга
Ўхшаб қолдик.
Усмон шоир, умрим ўтди,
Энди нетай,
Пайти келди, пушаймоним
Баён этай.
Энг яхшиси, Бойсун тоғдан
Бирор ғор топ,
Чориғимни судраб унга
Кириб кетай.

  АҚШ. Техас. 2015 йил 30 август
 
✍️Абдулла Орипов


ИНСОН ҲИМОЯСИ

Техасда бор экан ажиб бир орол,
Одамлар яшаркан бериб қўлга қўл.
Лекин ким камситса уларни, дарҳол
Жарима тўларкан, анчагина мўл.

Мен бундоқ қонунни эшитдим илк бор,
Унга бўйсунаркан шоҳ ҳам, гадо ҳам.
Айбдорнинг қутулиб кетмоғи душвор,
Нарёғи, жиноят томон бир қадам.

Гоҳ эллар кечмишин оламан ёдга,
Нақадар аянчли, машъум нақадар.
Қайдадир бандалар келиб ҳаётга,
Бир умр камситиш домида яшар.

Кўчанинг боласи, тирранча, саёқ,
Ўзини тутади киборларга хос.
Мўйсафид деҳқонни кўрган ондаёқ,
Қишлоқи чол, дея таҳқирлаши рост.

Бу иллат ер юзин қопламиш ёмон,
Ҳечким парво қилмас бундайин ҳолга.
Улар йўли тушиб Техасга томон,
Келиб кетсайдилар ўша оролга.

2015 йил 10 август. АҚШ, Техас. 

Изоҳ: Техас штатининг бир оролида,  маҳаллий аҳолини ҳақорат қилган кимса қонун бўйича жуда катта жарима тўлар экан. Муаллиф.

✍️ Абдулла Орипов


АЖДОДЛАР

Турлик тоифалар бордир дунёда,
Изҳор қиладилар турлик ниятни.
Гоҳо бир-биридан бўлиб зиёда,
Ўрнатмоқ бўларлар ҳаққониятни.

Ҳаққоният қайда? Қайси одамда?
Ёхуд келгусига боғлиқми бу гап.
Кетган сира қайтмас ушбу оламда,
Энди келгусини қўллагин, ё раб.

Шу тахлит яшаймиз, гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд,
Гоҳ тотиб, гоҳ тотмай ҳаёт нафасин.
Кимки аждодини этмаган унут,
Замон уникидир, ошин-ошасин.

                             1960 йил 

✍️ Абдулла Орипов


ҲАЁТ ЙЎЛЛАРИДА

Икки гуруҳ бордир асли дунёда,
Бировининг оти Яловчилардир.
Лекин фаолликда ундан зиёда,
Иккинчисин оти Таловчилардир.

Биринчиси бўлса, туну кун ётиб,
Хожасин оёғу кетин ялайди.
Иккинчиси эса, ҳужжат кўрсатиб,
Куппа-кундуз куни сени талайди.

Қанча фиръавнлар келиб кетмаган,
Ер юзин қақшатган қанчалар хоқон.
Ва лекин уларга кучи етмаган,
Балки киши билмас, қўллаган пинҳон.

Мен-ку ёқтирмасман ғалвани асло,
Эҳтимол, ҳаётда йўқ каму кўстим.
Хақсизлик балосин кўрганда, аммо
Юрагим эзилиб кетади, дўстим.

Бир умр соғиниб ўтдим зиёни,
Бандидек мен унга талпиндим, бўзлаб.
Ёруғ кўрай, дедим шу тунд дунёни,
Мудҳиш совуқларда қолсам ҳам музлаб.

АҚШ. Техас. 2015 йил 27 август

✍️ Абдулла Орипов


ДИАЛЕКТИКА

Мен ҳаётни собит ҳолда кўрмадим асло,
Тузилган у агарлардан ва магарлардан.
Дейлик, бирор фирибгарга дуч келган асно,
Иборатми дейсан ҳаёт фирибгарлардан.

Қаттол уруш давом этган элнинг шоири
Шеър битади ҳасратга ё ғазабга тўлиб.
Кимки агар бирор дарднинг бўлса асири,
Туюлади бутун олам унга дард бўлиб.

Севишганлар учун эса дунё бир жаннат,
Ой-чи, нондек туюлади қорни очларга.
Буткул ҳаёт дийдаси йўқ тош эрур фақат,
Кунинг қолса дейлик фақат бағритошларга.

Файласуфлар сўз очса гар абадиятдан,
Ўйлайсизки, ҳар бир оним мангуликка ёр.
Инсон зоти айри тушмас асло ниятдан,
Не тиласанг шуни бергай, деган гап ҳам бор.

Модомики шундоқ экан табиат асл,
Собит нарса қандай ўзи? Боқийлик қаён?!
Бўлармикан бу дунёда бир мурод ҳосил,
Тугалликка етишарми бирор кун жаҳон!

Шоир аҳли куйлармикан битта қўшиқни,
Борми экан бу дунёда олий, комрон дам.
Қуёш бир кун чулғармикан ҳар тўрт уфқни,
Туғиларми бахти комил, бус-бутун одам?

Бу — бир хаёл, чораси йўқ армондир холос,
Ҳамишалик қўшни эрур кундуз билан тун.
Ёлғон дасти гар дунёда бўлолмас дароз,
Лекин ҳақнинг қўллари ҳам эмасдир узун.

Чора битта: Ниятингни эзгуликка бур,
Фақат шунда гўзал бўлиб кўрингай фалак.
Йўқса ҳасрат оғушида ўтгайдир умр,
Бамисоли ўра ичра қолган капалак...

1985

✍️ Абдулла Орипов


КУН КЎРИШ

Чалпак ёққан эмас осмондан асло,
Ҳар ким насибасин албатта еган.
Одам болаларин лафзида аммо,
Битта ибора бор  – Кун кўриш деган.

Асли бу қисматга йўлиққан ҳар кас
Орзу-умидидан айрилган демак.
Қайда бир луқмани илғадими, бас,
Ўша томонга у югурган бешак.

Кун кўриш дегани ўртаб дилларни,
Амаллаб яшашдан бир белги, нишон.
Забтига олгай у ҳатто элларни,
Не-не мардларни ҳам айлагай яксон.

– Нега ёлғон айтдинг, алдадинг нега,
Нега ҳақни ёқлаб бермадинг туриш?!
Дейди: – Сен ҳақ дейсан, жон керак менга,
Кун кўриш керакми, ахир, кун кўриш.

Кун кўриш йўлида юрарлар куйлаб,
Кун кўриш дардида тўкарлар кўз ёш.
Агарда теранроқ қарасанг ўйлаб,
Жаллод ҳам кун кўриш учун олгай бош.

Фақат кун кўриш деб қилинган ишдан,
Баҳра топармикан бирорта банда.
Одам чарчар бир кун бундай юмушдан,
Ўзини ўйлар-ку ҳеч бўлмаганда.

Улуғ орзуларга этганди даъват
Фидойи инсонлар – беназир зотлар.
Наҳотки, кун кўриш йўлида фақат
Ёниб битган бўлса ўша ҳаётлар.

Инсоф бера қолсин ҳар кимга Эгам,
Ҳаёт кўзгусида турланмоқ нечун?!
Эҳтимол, мана шу сатрларни ҳам,
Ёзиб тургандирман кун кўриш учун.

                 2014 йил 8 ноябрь

✍️ Абдулла Орипов


ТИРИКЛИК

Турфа курашлардан чарчадим дейсан,
Хизмат жонга тегди, йўқдир ҳаловат.
Арзимас нарса деб асабинг ейсан,
Тириклик нима бу? ғамми, фароғат?

Кимга айтмоқдасан ҳасратингни, оҳ,
Сен шифо сўрайсан бемордан нечун.
Қирқ беш йил осмонга тикибман нигоҳ,
Оддий ҳақиқатга етмоқлик учун.

Бир тери ичида минг марта озиб,
Минг марта тўлишар жониворлар ҳам.
Ўн беш кун жамолин кўкда кўргазиб,
Ўн беш кун фалакда ой топар барҳам.

Бу ёруғ оламга боқсанг, аслида,
Олий бахт саналур ўлмайин юрмоқ.
Бахтдир бу — ҳаётнинг кўҳна қасрида,
Набиранг дафъатан чалса қўнғироқ.

Кимдир чоҳ ичра ҳам давронин сургай,
Кимдир чўққида ҳам ўтга келгай дуч.
Кўзинг очиқ эса ҳар нени кўргай,
Бир ён дўст, бир ёнда — нафрат билан ўч.

Юз йил яшаса ҳам бечора бир зот,
Тўймадим ҳеч, дебди, бу нечук ҳикмат.
Оҳ, қандоқ шириндир шу тахир ҳаёт,
Оҳ, қандоқ гўзалдир шу жулдир қисмат.

1986

✍️ Абдулла Орипов


БАХИЛЛИК  
                                                                  
Мен деб бонг урасан шому саҳарда,  
Гўё ҳаққонийдек айтар сўзларинг.  
Ҳаммани бир хилда кўрсанг агарда,  
Тешилиб қоларми сенинг кўзларинг.  

Йўлнинг чеккасида мажруҳ бир инсон,  
Мадад тилаб турар сендан эҳтимол.  
Сен унга узатсанг агар парча нон,  
Қўлларинг майишиб, бўлармикан шол.  

Қаршингда турибди ёш бир истеъдод,  
Балки оламшумул бўлажак даҳо.  
Бир оғиз сўз айтиб,берсанг гар имдод,  
Тилларинг кесилиб қолгаймикан ё?  

Бир сиймо илмнинг бўлмиш сардори,  
Балли, эл-юртига олиб келмиш шон.  
Сен уни қутласанг кўплар қатори,  
Чиқиб кетармикан танангдаги жон.  

Афсуски, яхшилар тортади кулфат,  
Ёмонлар ғолибдир,ётар қалашиб.  
Йўқдир бундайларда зарра фазилат,  
Дунёга келмишлар улар адашиб.  
                                       
АҚШ. Хьюстон  24.7.2015

✍️ Абдулла Орипов


Баёт

Қўлинг очиқ кетма дунёдан, жўра,    
Бир ўтов, тўрт эчки майли бисотинг. 
Ҳар кимга мингашиб юргандан кўра, 
Қирчанғи эса-да бўлсин ўз отинг. 

Балки тортинчоқдир фарзанд - аржуманд, 
Дўстлар ҳам кўкдаги қушларга монанд. 
Бири новвот бўлса,бирови-чи қанд, 
Улар бор- шириндир тахир ҳаётинг. 

Олис сафарларда ёлғиз қолсанг ҳам, 
Умидсиз ўйларни дилга солсанг ҳам.  
Мадорсиз йиқилиб, буткул толсанг ҳам, 
Элу юрт бўлгайдир синмас қанотинг. 

Ўкинма, лафзи йуқ номардни кўриб, 
Муттасил алдайди ёнингда туриб. 
Нодонлар юрсалар давронин суриб, 
Чидайсан барига, бордир саботинг. 

Сенинг бошқалардан фарқинг йўқ асло, 
Ceн ҳам бандадирсан бандалар аро. 
Бир кун орзуларинг чорласа аммо, 
Бошлаб борғусидир шеъринг - баётинг.                                                          

 АҚШ. ХЬЮСТОН, 27.07.2015. 

✍️ Абдулла Орипов


Хаёл ва ҳаёт

Магар чиқиб кетсам тоғларга томон,
Бўлардим айиқлар билан суҳбатдош.
Дўлана терардим балки ёнма- ён,
Меҳрибон дўстлардек туну кун йўлдош.

Шунғиб кетсам агар теран уммонга,
Сувларнинг остида юрардим яшаб.
Балиқда тоқат йўқ шовқин- суронга,
Улар бақирмайди бизларга ўхшаб.

Бир кун осмонларга айласам парвоз,
Турналар сафида чаппор урардим.
Танишдир юлдузлар чалиб турган соз,
Базмга қўшилиб, жўр ҳам бўлардим.

Бу гаплар амалга ошмагай асло,
Энди хаёл билан қолганман буткул.
Бошқа бировни-ку айтмангиз, ҳатто
Набирам кўнглига тополмасман йўл.

Ҳануз тараққиёт тўхтаган эмас,
Ғордан чиққан каби шу зум одамзот. 
Турфа синовларга кела олди бас,
Лекин ўзлигини унутди, ҳайҳот!

Афсус, қалбсизликка юз бурди Инсон,
Ақчадир суянган мураббийси ҳам.
Туйғулар бир четда қолдилар ҳайрон,
Бевақт нафақага чиққандек одам.

Ҳеч кимнинг сен билан иши йўқ зарра,
Майли, кўк тоқига  чироғингни ос.
Исмингни сўрашмас ҳатто бир карра,
Фалон рақамдаги бандасан, холос.

2016 йил 30 апрель

✍️ Абдулла Орипов


ИБОДАТ

Дарвозанг тагида пойлайди ажал,
Аччиқ дард босади кўкракларингни.
Кимлардир, кўзингни юмишдан аввал,
Тозалаб қўяди чўнтакларингни.

Дерлар, ўлимнинг ҳам қоидаси бор,
Икки газ ер учун жанжал, можаро.
Ақчани ким тўлар? Қайси азадор?
Энди гўрков билан бошланар савдо.

Ҳали тугамайди бу аччиқ қисмат,
Кимдир ном талашиб ақлдан озар.
Энг мудҳиш томони, ўтмай сал фурсат
Сени маҳв этганлар хотира ёзар.

Дунёда неъмат йўқ ҳаётдан азиз,
Сен унга бағишла ўлмас сатрингни.
Тирик пайтингдаки очирмади кўз,
Кимдан ҳам сўрардинг кейин қадрингни?

Яхшиси ўлмасдан яшамоқлик шарт,
Эмаклаб бўлса ҳам, ётиб бўлса ҳам.
Узун кечалари қилгум ибодат,
Оғирим тушмасин бировга, Эгам.

                                   2015 йил 11 июнь

✍️ Абдулла Орипов


ҲАМШИРА

Ҳаётингга зомин бўлдим мен,
Орзуларинг қолди беадо.
Тун-кун бемор тепасида сен,
Ўлтирасан, уйқудан жудо.

Келган одам беморни кўргай,
Хабар олар яқин ва йироқ.
Гарчи улар ёнингда тургай,
Сўрашмайди ҳолингни бироқ.

Бирдан қўшни палатадан ҳам,
Овоз чиқар “Ҳамшира” деган.
Югурасан у томон шу дам,
Осма укол тугаган экан.

Қовоқларин уйганча гоҳо,
Пайдо бўлар бир тўп шифокор.
Аслида, сен бергайсан даво,
Аслида, сен ҳаммага даркор.

Бир беморинг соғайди у кун,
Қутулганди касалдан шўрлик.
Байрам бўлди бу ҳол сен учун,
Энди ҳорғин юзларинг нурлик.

Фурсат етиб, бешафқат ажал,
Бошқа бирин айлагай одош.
Қариндошу эл-юртдан аввал,
Сен тўкасан аччиқ-аччиқ ёш.

Ҳамма нарса ҳаётда керак,
Руҳни кўтар, яшагин кулиб.
Ўзингсан-ку нажоткор малак,
Ишлаяпсан ҳамшира бўлиб

                   2015 йил 28 ноябрь

✍️ Абдулла Орипов


ҲИМОЯТ

Аввал болаларга қалқон бўлинг, сўнг
Ёши улуғларни айланг ҳимоят.
Бор эрур учинчи вазифа ҳам чўнг:
Бемор одамларга кўрсатинг шафқат.

Шундоқ қурилгандир афсуски дунё,
Уларнинг жисмига ёзда ўтар нам.
Қурту қумурсқалар ҳайиқмас асло,
Чўқилаб қочади ҳатто чумчуқ ҳам.

                                           2014 йил 5 май

✍️ Абдулла Орипов


МУЛК

Ялинтирмас ҳеч арслон,
Чегарасин сотмайди бўри.
Мулкни фақат пуллагай инсон,
Камбағалнинг қурийди шўри.

Ариқдаги сувни ҳам ҳатто,
Тарқатмайди бировга текин.
Ўзиники учраса аммо
Ҳадя қилар ҳаммасин лекин.

Дарёни ҳам қай бир момосин
Сепи дейди, ғоят ярашиқ.
Яйловларни катта бобосин,
Даласи деб ҳисоблар очиқ.

           2015 йил 20 июнь

✍️ Абдулла Орипов


ИШОНЧ КЎПРИКЛАРИ

Юздан парда кетса,
Дилдан диёнат,
Меҳр ришталари зимдан узилса;
Юракларни босса шубҳа, хиёнат,
Ишонч кўприклари бузилса;
Етимлар ҳақидан қўрқмаса биров,
Сўқмоққа айланиб кетсалар йўллар;
Қиблагоҳлар осий, туғишганлар ёв,
Ғазналарга чўзилса қўллар;
Болалар руҳига ҳаёт деган дарс
Манманлик уруғин жойласа;
Ошиқлар кўчада маъшуқасин эмас,
Кимнингдир қадамин пойласа;
Элнинг шоирлари ғаним зотлар каби
Бир-бирларин ғажиб-есалар;
Минбарларга чиқса кўча-кўйнинг гапи,
Андишани қўрқоқ десалар...
Бундай юртда энди қирғин шарт эмас,
Вабо ҳам қочади ундан йироққа;
Ҳатто дарёлари қурир басма-бас,
Ҳатто тупроқлари тушар титроққа.
Халқим, бундайларни кўргансан азал,
Кўп чеккансан улар озорин, доғин,
Сен енгиб ўтгансан, лекин ҳар маҳал,
Халқим, топинаман ўзингга тағин.

1986

✍️ Абдулла Орипов


ХУСУМАТ

Дунёнинг бори шу,
Ҳар қандай зот ҳам,
Айбин олавермас бўйнига.
Балки, шу боисдан, қанчалар одам,
Тош солиб юради қўйнига.

Хусумат, дейдилар ушбунинг отин,
Дастидан йиғинлар, уйлар безовта.
Безовтадир ҳамма ошкор ё ботин,
Азалар безовта, тўйлар безовта.

Ҳар ҳолда бўлмагай қиёмат қойим,
Буларнинг кўплари қуруқ савлатлар.
Ёмондир, ёмондир, қўйнига доим,
Тош солиб юрса гар давлатлар.

Гар улар юрсалар кучин пеш қилиб,
Ким тинглар заминнинг дардли наърасин.
Майда тошчалар-ку ўтар, ишқилиб,
Унинг каттасидан худо асрасин.

1986

✍️ Абдулла Орипов


ЧЕКСИЗЛИК

Дейдилар, фазонинг чегараси йўқ,
Миллиард юлдузларнинг сўнги ҳам фазо.
У шу қадар чексиз, шу қадар буюк,
Хаёлга сиғдириб бўлмайди ҳатто.

Баъзан фазоларга боқаман узоқ,
Руҳимга шу туйғу сиғмас гупириб.
Чексизлик юракни қисганда, шу чоқ,
Торгина уйимга кетаман кириб.

1969

✍️ Абдулла Орипов



               ***
Оилада туғилса гўдак
Унга суюб қўярлар исм.
Гар боғланса иккита юрак,
Дўстлик дейиш бўлгандир расм.

Волидалар гўдаги учун
Бешик олиб, тортадилар ош.
Худди шундай, дўстлар ҳам у кун
Бир-биридан айлайди маош.

Инсон яшар, пайти ҳам келар
Тўхтаб қолар умр — югурик.
Лекин, дўстлар, айтинг, не бўлар
Дўст-дўстидан айрилса тирик?

Тобут ўтар сўнгги кўприкни,
Қаро ерга уни қўярлар.
Дўстлар, айтинг, сўнган дўстликни
Қайга олиб бориб кўмарлар?

Марҳумларга очишиб аза
Либосларни кўкка бўярлар.
Дўстлар, айтинг, дўстлик сўнганда
Қандай йиғлаб, қандай киярлар?

Азалилар кўрса ёмон туш,
Мозор узра сукут этарлар.
Тирик туриб қайта келсанг дуч,
Унда, ахир, қайга кетарлар?

Ҳайҳот, илк бор ингради кўнглим,
Бир баргдайин титрадим, толдим.
Мен дўстимдан айрилдим бугун,
Тирик туриб, айрилиб қолдим.

Ёзармидим йиғлоқи байтни,
Чекармидим мен ахир нола,
Дўстлар, агар бошланмасайди
Икки қалбдан буюк оила.

Ёзармидим йиғлоқи байтни,
Титрармидим кўзда ёш билан,
Дўстлар, агар бошланмасайди
Тоғ қулаши икки тош билан.

Дўстлар, айтинг, дил ёнмаганда,
Чекармидим шунчалар оҳ-зор.
Агар, агар... Ҳеч бўлмаганда
Топилсайди кўмгали мозор.

1965

✍️ Абдулла Орипов


БОЗОР

Кўникасан, очликка, болам,
Сенга ҳеч ким бери кел демас.
Ёпиқ сенга пуллик ерлар ҳам,
Қондошларинг ғамингни емас.

Ер юзида шундоқ бир давр,
Шундоқ удум бўлди ҳукмрон:
Илмда йўқ заррача қадр,
Даҳолар ҳам кезар саргардон.

Бу тизимнинг номидир – бозор,
Бас келолсанг сеники марра.
Ахтармагин инсофни бекор,
Алданасан кунда юз карра.

Қайга борма, барибир, шу ҳол,
Бозор етган ҳар қандай жойга.
Бойлар бойни танийди дарҳол,
Сув, албатта, оқади сойга.

Сен турмушдан ибрат ол, болам,
Бўрини ҳам боққан оёғи.
Чумолининг жағи мустаҳкам,
Чўпоннинг ҳам бордир таёғи. 

                     2015 йил 8 июнь

✍️ Абдулла Орипов


КЎЧА
  
Кўча тўла одам,
Тиниб турмас бир дам,
Аралаш одимлар кичик-каттаси.
Лекин ғалатироқ ташлайди қадам,
Улар орасида биттаси.

Гоҳо гаплашади ўзи ўзи билан,
Гоҳида жилмаяр, тундлашар гоҳо.
Ниманидир илғар тийрак кўзи билан,
Тўхтаб кўкка боқар, маст эмас, аммо.

Нимадандир бирдан завқ ҳам туяди,
Бир сандиқни гўё очди-ю ёпти.
Ҳавога чизиқлар тортиб қўяди,
Шоирмикан дейсан, қофия топти.

Ногоҳ ҳаяжондан қизарар юзи,
Чала иморати битдимикан ё?
Контрактда ўқир кенжатой қизи,
Бюджетга ўтдимикан ё?

Кўча тўла одам,
Тиниб турмас бир дам,
Аралаш одимлар кичик-каттаси.
Ҳамон ўша-ўша ташлайди қадам,
Улар орасида биттаси.

Ҳамон ўйга банд у, гоҳ шодмон кулар,
Тегманг, ҳолатини бузманг ногаҳон.
Ўзини бахтли деб санаса бўлар
Сурган хаёлига ишонган инсон.
   
                   2013 йил 24 сентябрь 
 
✍️ Абдулла Орипов


НЕТГАЙСАН

Нодўст кимсаларга қучоғинг очиб,
Бегона юртларда тўйлаб нетгайсан.
Тиконли ерларга қадаминг босиб,
Чаманзор экан деб куйлаб нетгайсан.

Тенгсиз бойлик эрур Ватаннинг бори,
Дарёси ҳаётдир, қумлиги дори.
Агар қиз кўринса қўшнининг ёри,
Девордан беҳуда бўйлаб нетгайсан.

Ростгўйни изладим шавқларга тўлиб,
Топганда қувондим, топмасам сўлиб.
Тўғрилик турганда, шармисор бўлиб –
Ёлғон-яшиқларни сўйлаб нетгайсан.

Сенга таништирай дунёни бирров,
Ҳали из тушмаган у тонги қиров.
Агар сен ўтмасанг ўтади биров,
Пасту баландини ўйлаб нетгайсан.

                           2015 йил 15 июнь

✍️ Абдулла Орипов


ЯНГИ АВЛОД

Оламнинг бори шу: Зулмат билан Нур,
Ҳамда барчасини бунёд этган Зот.
Қанча ҳақ бўлмасин онгу тафаккур,
Мутлоқ бошқа экан яшаш ва ҳаёт.

Боённи кўрганда эмаклаб ҳар он
Кунини ўтказган қанчалар одам.
Бу қавм дўст бўлмас асло, ҳеч қачон,
Айт-чи, зарурмикан улар сенга ҳам?

Довуллар умрингни совурди бутун,
Етмади бардошинг, сабру тоқатинг.
Энди, бари бирдир кундуз билан тун,
Энди, ортиқчадир қўлда соатинг.

Қофия ахтариш балки нодаркор,
Шеърдан азизроқдир ақча жаранги.
Лекин туғруқхона деган бир юрт бор,
Унинг фуқароси тамоман янги.

У ҳали билмайди ушбу дунёни,
Билмайди савоб не, нимадир гуноҳ.
Юмуқ кўзларида асрар зиёни,
Унинг истиқболин қўриқлар Илоҳ.

Шоир, тушкунликка тушмагин асло,
Тирик юрганингга шукур қил албат.
Энг гўзал, энг ноёб шеърингни аммо
Ўша, янги авлод номига жўнат!

                                    2015 йил 4 июнь

✍️ Абадулла Орипов


ЯНГИ АВЛОД

Оламнинг бори шу: Зулмат билан Нур,
Ҳамда барчасини бунёд этган Зот.
Қанча ҳақ бўлмасин онгу тафаккур,
Мутлоқ бошқа экан яшаш ва ҳаёт.

Боённи кўрганда эмаклаб ҳар он
Кунини ўтказган қанчалар одам.
Бу қавм дўст бўлмас асло, ҳеч қачон,
Айт-чи, зарурмикан улар сенга ҳам?

Довуллар умрингни совурди бутун,
Етмади бардошинг, сабру тоқатинг.
Энди, бари бирдир кундуз билан тун,
Энди, ортиқчадир қўлда соатинг.

Қофия ахтариш балки нодаркор,
Шеърдан азизроқдир ақча жаранги.
Лекин туғруқхона деган бир юрт бор,
Унинг фуқароси тамоман янги.

У ҳали билмайди ушбу дунёни,
Билмайди савоб не, нимадир гуноҳ.
Юмуқ кўзларида асрар зиёни,
Унинг истиқболин қўриқлар Илоҳ.

Шоир, тушкунликка тушмагин асло,
Тирик юрганингга шукур қил албат.
Энг гўзал, энг ноёб шеърингни аммо
Ўша, янги авлод номига жўнат!

                                    2015 йил 4 июнь

✍️ Абадулла Орипов


ШОКОЛАД

Чўнтагимга солиб олдим тўртта шоколад
Ва ўзимга битта шартни айладим тайин:
Кимки мени алдамаса, сийлайман албат,
Шоколадни шу одамга совға этайин.

Куни бўйи бирор ғолиб чиқмади, ажаб,
Боз устига билмас эди ҳеч ким шартларни.
Уйга қайтдим, болаларни байрам деб алдаб,
Бўлиб бердим чўнтакдаги шоколадларни.

                      2014 йил 28 декабрь

✍️ Абдулла Орипов


СЕН КАБИ

Онангни отангга хатлаб берганда,
Гувоҳ бўлмаганман ишонгил, ахир.
Боқурсан, юзингда қув заҳарханда,
Дунёни гўёки мен этдим тахир.

Босган қадамимдан чақнамас олов,
Даъво қилмасман ҳеч абадиятга.
На қўрғон қурдиму на тутдим ялов,
Доим йўлдош бўлдим оддий ниятга.

Бошни кўп қотирма сен кимсан дебон,
Кимнинг хеш, кимнингдир андасидирман.
Ўткинчи дунёда мен ҳам бир меҳмон,
Худонинг сен каби бандасидирман.

✍️ Абдулла Орипов


ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН

Ҳар кимга ҳамроҳдир ҳамиша қисмат,
Кимдир бошин эгар, ким кўксин кергай.
Расулуллоҳ демиш: — Аллоҳдан фақат
Ким нима сўраса, ўшани бергай.

Оёқ-қўлин боғлаб Лайлини бир кун
Олиб келишдилар Каъбага томон.
Лайли хитоб қилди: — Тавба не учун,
Мажнуним бўлмаса тийрадир жаҳон.

Ибодат Мажнуннинг навбати эди,
У ҳам ошкор этди кўнгил майлини.
Каъбага бош уриб тураркан, деди:
Мен сендан сўрайман фақат Лайлини.

1992

✍️ Абдулла Орипов


ҚУЛ ВА ҚУЁШ

Демасман, зулматда мудом фарёд қил,
Ҳиммат нури билан дилни обод қил.
Расулуллоҳ демиш:— Ошма ҳаддингдан,
Қуёш тутилганда қулни озод қил!

1992

✍️ Абдулла Орипов


Оллоҳ марҳамати

Оллоҳим кимгадир берди бойлик, зар,
Балки раҳм айлади йўқсил жонига.
Ва лекин тўймасин дея у баттар
Нафсни қўшиб қўйди ёнига.

Оллоҳим кимгадир мансабни берди,
Амал пояларин қилди мустаҳкам.
Ва лекин нариги томондан қурди
Қайтиб тушадиган зиналарни ҳам.

Оллоҳим кимгадир берди истеъдод,
Майли, таратсин деб гўзал куйларни.
Ва лекин бир умр чексин деб фарёд,
Унга ҳамроҳ қилди ҳасадгўйларни.

2004 йил, март

✍️ Абдулла Орипов


БИЗ

Биз аввал ҳам ёмон эдик, ҳануз ёмонмиз,
Раҳмон боқмас, иблис ёқмас шўрлик инсонмиз.
Сўз сўзласак — маҳмадона, жим турсак — соқов,
Шу тариқа, на буғдоймиз ва на сомонмиз.

✍️ Абдулла Орипов


Жумбоқ

Идроким борича яшадим фақат,
Фаҳм этдим дунёни баимкон, қат-қат.
Ёлғиз бир жумбоққа ақлим етмади:
Қайдан туғилади, билмадим, ҳасад.

1968

✍️ Абдулла Орипов


ҒИЙБАТ

Дўзах йўлларидан ўтаркан Расул,
Атрофга кўз ташлар эди дамодам.
Кимдир фарёд солиб йиғларди нуқул,
Оташда ёнарди ўзга бир одам.

Йўлнинг канорида — шундоқ сарҳадда
Ўлимтик ер эди аллақандай зот.
Ногоҳ Расулуллоҳ боқиб ҳайратда,
Жаброилга деди: — Бу кимдир, ҳайҳот!

Жаброил айтдиким: — Бунда ҳар кимса,
Жазосин олгайдир қилмишига хос.
Ўлимтик егувчи бул банда эса,
Умрин ғийбат билан ўтказган, холос.

1992

✍️ Абдулла Орипов


КУЗ МАНЗАРАЛАРИ

Яна далаларга бошлайди ҳавас,
Боғларда ҳазонлар ёнади лов-лов.
Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас,
Менинг юрагимдан тўкилган олов.

Шохларда мезонлар ялтирар хира,
Пойида шивирлар менинг куйларим.
Дўстларим, булар ҳам мезонмас сира,
Бу менинг чувалган, сўнгсиз ўйларим.

Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,
У энди ёндирмас, ялтирар фақат.
Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,
У олис ёшликда қолган муҳаббат.

1967
✍️ Абдулла Орипов


ТАЪЗИЯ

Сен кетдинг, қолганлар
Ўйнасин, кулсин,
Маконинг, илоё, 
Нурларга тўлсин.
Аслида, бу дунё
Ташвишларидан
Қутулиб кетганинг
Муборак бўлсин.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 14 октябрь

✍️ Абдулла Орипов


ЎРМОНДАГИ ВОҚЕА

Атаб душманига ёки дўстига,
Бомба ташладилар ўрмон устига.

Бироқ у негадир портламай қолди,
Ўрмон ўртасида тошдай жой олди.

Ҳайвонлар қизиқиб кела бошлашди,
Аввал ҳадиксираб назар ташлашди.

— Бу не? — деб бошини қашлади бўри,
Лол эди арслон ҳам — ҳайвонлар зўри.

Ҳеч нени тушунмас айиқ ва сичқон,
Анқайиб туришар қушлар ҳам ғужғон.

Ҳидлаб кўришдилар, ялашдилар, бас,
Англаб етдилар-ки, уни еб бўлмас.

Ҳайвонлар тарқалди йиғилган жойдан,
Шўрликлар, бомбани билишсин қайдан?

Аслида илдизи биттадир ҳаёт,
Яшашга ҳақлидир жами махлуқот.

Тирикликка шуни қилдингми эҳсон,
Тафаккур соҳиби, муҳтарам Инсон!

                           2015 йил 3 май

✍️ Абдулла Орипов


БАШОРАТ

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Дорилфунундаги билим таянчи.
Қабрингиз қошида дейман чўкиб тиз:
Умрингиз якуни ғоят аянчли.

Башорат қилдингиз нималарнидир,
Уларнинг ҳеч бири топмади исбот.
Бошга кўтарардик Сизни барибир,
Чунки билмас эдик, қанақа ҳаёт.

Бизга уқдирдингиз, буткул ер юзи
Кетиб бораётир нотўғри йўлдан.
Тарихни ёритар Маркснинг сўзи,
Бошқалар бахтини бой берган қўлдан.

Бизга уқдирдингиз, эътиқод, иймон,
Кўп борса, чилимнинг тутуни, холос.
Сира дўст бўлмайди қорни тўқ инсон,
Дунёни янгилаш бизларгадир хос.

Бизга уқдирдингиз, уммон ортида,
Бир тузум ётибди, тагидан чириб.
Охир тонг қолдингиз тарих олдида,
Айтган гапларингиз аксини кўриб.

Наҳот, ўйин эди инсон тақдири,
Наҳот, ўтган умр таваккал яккаш.
Наҳот, жаҳолатдир бу ҳолнинг сири,
Қолди бўйнингизда башарни алдаш.

Раҳматли устозлар,
Домлаларим, Сиз,
Аччиқ қисматингиз ибратдир бироқ.
Узр сўрамоқлик шарт экан сўзсиз,
Башоратдан аввал, фолдан олдинроқ.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 12 сентябрь

✍️ Абдулла Орипов


МУАЛЛИМ

Муаллим ҳақида сўзим ушбудир:
Муаллим камолот ичра кўзгудир.
Ўқидим Геродот, тарихни кўп бор,
Форобий, Дантени такрор ва такрор.

Барини ўқидим, лол қолди ақлим,
Барига устозсан ўзинг, муаллим.
Алишер қалбига солган сеҳр-файз
Сенсан, эй муаллим, устоз Абул-Лайс.

Қутлуғ хонадонда қутлур калом бу,
Ҳамид Олимжон бу, Ғафур Ғулом бу.
Буюк Темур сендан топгандир таълим,
Сен шундоқ, азиз зот, азиз муаллим.

Рост айтсам, ўзингсан энг аввал даҳо,
Сен ҳаёт ганжида дурри бебаҳо.
Улуғ айёмингда шеърий калом бу,
Шогирдлар номидан қутлуғ салом бу.

1972

✍️ Абдулла Орипов


УСТОДИ АВВАЛ

Нега шеър ёзмайин юракдан ёниб,
Нега таъзим этмай сизга бу маҳал.
Нега хизматингиз  қилмай қувониб 
Эй азиз муаллим, устоди аввал.

Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда  илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор –
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.

Митти гўдак чоғидан то умр бўйи 
Сизнинг чеҳрангизга мамнун боқамиз.
Сизгадир юракнинг жарангдор куйи,
Оқил Шарафиддин, машҳур отамиз.

Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.

Ёлғиз фарзандимиз қолса тумовлаб,
Тушамиз ваҳима, васвасасига,
Сиз-чи, дош берасиз неча ўн йиллаб
Минглаб митти зотнинг машмашасига.

Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.

Шафқат  ҳам, меҳр ҳам қалбингизда бут,
На ранжу, на ҳориш, оҳу волалар.
Сизнинг қаршингизда сақлайди сукут
Олтмишга кирса ҳам шогирд болалар.

Дилда зиё борки умр сарафроз,
Майли, у ҳамиша бахт билан тўлсин.
Эй, азиз муаллим, эй, азиз устоз,
Букун байрамингиз муборак бўлсин.

1980

✍️ Абдулла Орипов


МУАЛЛИМЛАРГА

Нечоғ бахтиёрман, таъзимда шу тоб
Сизнинг шаънингизга битмоқдаман байт.
Не одам бўлардим, қўлимда китоб
Бирор ҳарф танимай турсайдим лоқайд.

Сиз-ку "Алифбо"дан "Қомус"гача то
Бари-барисини танитган устоз.
Илк бор Сиз кўрсатган дурахшон Зуҳро
Букун шеърим ичра ташбеҳдир мумтоз.

Сиз мўъжаз юракда ёқолган ёғду
Оқибат қуёшдек соча олур нур.
Буюклар ҳаққига қасамёд гап бу:
Сиздан бошланади асли Тафаккур.

Оламда кўп эрур муборак онлар,
Табаррук зотлар ҳам гарчанд кўп эрур.
Сизгадир илк раҳмат, азиз инсонлар,
Мунис муаллимлар, Сизга ташаккур.

1974

✍️ Абдулла Орипов


ШОИР ЮРАГИ
 
Ўтар бу кўприкдан жамики жонзот,  
Чумолидан тортиб филлар ҳам ўтар.  
Султонлар ўтади гоҳ шод, гоҳ ношод,  
Занжирларин судраб қуллар ҳам ўтар.
 
Элчиларга ўхшаб турфа замондан  
Шалоқ аравалар, “мерс”лар ўтади.  
Рўбарў келишиб икки томондан,  
Бир-бирига тамом терслар ўтади.
 
Суйишганлар ўтар суяб бир-бирин,  
Бузувчилар ўтар, ўтар усталар.  
Ҳушёрлар ўтади тежаб кўз қирин,  
Ўтади эмаклаб пиёнисталар.
 
Ўтиб бораётир ана жуфт гуруҳ, 
Бири шўх, бировин кўзларида нам.  
Етаклаб бормоқда бирини шукух,  
Бошқа бировини етаклаган ғам.
 
Олифталар ўтар - ғариб сийрати,  
Ботирлар ўтади - қалбида ўтлар.  
Бешиклар ўтади - дунё зийнати,  
Ўтади лапанглаб, вазмин тобутлар.
 
Муттасил бу йўлда келади тўқнаш  
Hyp билан зулумот, ўлим ва ҳаёт. 
Бу кўприк оламнинг ўзига ўхшаш, 
Бир фарқи - соҳиби ихтиёрсиз зот.
 
Кўприк остидаги жўш урган дарё, 
Сув эмас - ўтганлар тахир кўз ёши.  
Ҳар нени кўтарган бир ўзи танҳо. 
Бор на таъмирчиси, на бир юкдоши.
 
Бу кўприк, бу кўприк қуласа агар. 
Не ҳислар қоларди сарсон-саргардон.  
Гарчи қисматида бор қанча хатар, 
Ҳар нечук барига у балогардон...
 
2000 йил, август 

✍️ Абдулла Орипов


ҚИЗИҚИШ

Агар ёқмай қолcанг,
Терc бўлcа дунё,
Cуғириб ўтирмаc бирор тишингни.
Тайёр иштаҳангни бўғиб мутлақо,
Йўқотар таомга қизиқишингни.

Тағин cен кўзига кўринcанг ёмон,
Тортиб олмаcа ҳам амал, ишингни.
Бормайдиган қилар идоранг томон,
Ўчирар ҳафcаланг, қизиқишингни.

Майдалашиб юрмаc дунё юз бурcа,
Тўкин ҳам қилгайдир ёзинг-қишингни.
Ва лекин лоқайдcан гуллар қулф урcа,
Cўндирар борлиққа қизиқишингни.

Бир куни зерикар ўзи кажрафтор,
Унутар келажак ва ўтмишингни.
Унга ўйин керак, ўйинчоқ даркор,
Яна тирилтирар қизиқишингни.

                   2012 йил 24 декабрь

✍️ Абдулла Орипов


ТАФАККУР МАДҲИ

Беруний шаънига йўқ асло таъриф,
Колумб ҳам даврига ярашган кўздек.
Бироқ ҳанузгача қалам кўтариб,
Ўзича келмаган бу жойга ўзбек.

Сирли юрт санчиқдай берганди азоб,
Шўронинг кибрли салтанатига.
Дердилар, бормангиз, бўлгайсиз хароб,
Буржуйнинг чириган мамлакатига.

Магар келса ҳамки бирорта сайёҳ,
Ёзғириб ёзарди етганча кучи.
Эмишки, кўчалар тўла оҳу воҳ,
Машаққат карвонин кўринмас учи.

Гўё пайқашмади ғалабани соф,
Армстронг ой узра қўйганда қадам.
Ё, фалак, бандангда борми ҳеч инсоф,
Шунчалар ҳасадгўй бўларми одам.

Эплай олмаган у ўзини асло,
Бутлаб ҳам бермаган бировнинг камин.
Шу боис, дунёда тўхтамас ғавғо,
Шу боис, ўнгланмас шўрлик бу замин.

Ва лекин ўзбекка тафаккурдир зеб,
Маърифат меросдир чунки қонида.
Агар керак бўлса, илму фанни деб
Тўй бергай Самарқанд Регистонида.

АҚШ. Хьюстон. 2015 йил 20 август

✍️ Абдулла Орипов


УММОН БЎЙИДАГИ ЎЙЛАР

Уммон соҳилида кезаман бедор,
Тонг қолиб Тангрининг мўъжизасига.
Қулоғим тутаман такрор ва такрор,
Ҳаётнинг абадий, ўлмас сасига.

Эзгу дийдор учун айтаман раҳмат,
Мавжларга қўшилиб кетади сўзим.
Тутган бир қўлимдан куёвим Аҳмад,
Бир қўлимдан эса Мавлуда қизим.

Шукурлар дейману кўзим ёшлайман,
Жажжи набиралар меҳрига қона.
Ирим, деб уммонга танга ташлайман,
Зора, қайтиб келсам сен томон яна.

Менинг кўз ўнгимдан ҳар лаҳза, ҳар дам
Асло кетган эмас юртим жамоли.
Узоқ бу уммонда сузиб юрсам ҳам,
Юзимга урилди гўё шамоли.

Ҳамиша ўзингдан олдда бўл, Инсон,
Бу дунё барчага баробар, билгил.
Тепангда турган шу думалоқ осмон,
Шарқда ҳам мавжуддир, тасаввур қилгил.

Аллоҳ даргоҳига рухсатин бериб,
Таклиф этилсайди жами одамзод.
Бошқалар қатори кўксини кериб,
Ўзбек ҳам юрарди мамнун ҳамда шод.

Худо яратмаган сарҳадлар ясаб,
Бандаси орттиргай ўзига малол.
У юксак бўлмади тоғларга ўхшаб,
Кенг ҳам бўлолмади уммонлар мисол.

Ўзга маъволарга келдим мен нечун,
Бегона жойларга меҳримни сочиб.
Олис йўллар босдим сиҳатим учун,
Балки ғавғолардан нарига қочиб.

Бир мантиқ ҳаётда учрайди бироқ,
Қошида милёнлар ўйга толгайдир.
Ёмонлик тилаган яшайди узоқ,
Яхшилик қилганлар ночор қолгайдир.

Қўшнининг мушуги эринмай асло,
Бизнинг ертўлада овлайди сичқон.
Ҳозирча туш менга мансубдир, аммо,
У ҳам қўлга тушгай, топсалар имкон.

Афсуслар чекаман Маҳшаргача то,
Унутдим ўз арким кўнгурасини.
Нима деяримни билмасдан ҳатто
Чалдим бировларнинг дўмбирасини.

Бугун ҳеч кимсага келтирмас шараф
Ясама шуҳрату сохта савлатлар.
Лекин иймон келтир тегрангга қараб,
Бордир буюк зотлар, улуғ давлатлар.

Жаноб Расулуллоҳ айлаб марҳамат,
Чақирмиш умматин бардош, сабрга.
Дедилар, ўтганни қарғаманг минбаъд,
Тегманг улар ётган гўрга — қабрга.

Мени — ку тириклай маҳв этди булар,
Ҳатто бездирдилар буткул оламдан.
Бундай қабоҳатдан тоғлар ҳам қулар,
Денгизлар шўр тортар бундай аламдан.

Қирғий учиб юрса ҳовлинг узра гар,
Товуқда қоларми бирорта жўжа.
Юртни таладилар неча- неча ғар,
Неча қорача- ю, неча бир хўжа.

Менга ажабланиб қарама, болам,
Ҳамроҳинг бўлолсин бардош ва тоқат.
Мен балки кексайиб, чарчаган одам,
Холислик излаган куйчиман фақат.

Топсам эзгуликни чулғади сурур,
Баробар туюлди ёзим ва қишим.
Адолат қалбимга бахш этди ҳузур,
Бошқа юмуш билан йўқ зарра ишим.

Мудом ҳаёлимда у қутлуғ аждод,
Муборак тафтлари қуёшлар қадар.
Магарким, уларга эканман авлод,
Нега йўқолайин номсиз ва бадар?

Зурёдим эрурсан ўзинг, набирам,
Олгин юлдузларни қўлингни чўзиб.
Ахир қоним жўшар танингда шу дам,
Нега сен кетмассан мендан ҳам ўзиб.

Бир умр курашдик орзулар учун,
Ҳавойи сўз айтиб, ўртама жонни.
Дунё карвонининг бошида бир кун
Кўрсам етарлидир, Ўзбекистонни.

АҚШ. Атлантика.  2015 йил 1 сентябрь

✍️ Абдулла Орипов
 


КЕКСА МУҲОЖИР

— Нега қаддинг эгик, нега бошинг хам,
Нега нигоҳингни тортади тупроқ?
— Менинг ер устида танишларим кам,
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ.

1986

✍️ Абдулла Орипов


  ***

Ҳали олдиндадир гўзал кунларим,
Ҳали лаб тегмаган кулгулар олдда.
Вазнга тушмаган қўшиқлар олдда,
Ҳеч нима эмасдир бу кўрганларим.
Ҳаммаси олдинда, ғам ҳам, алам ҳам,
Айрилиқ ҳам, қанотлари зил...
Саксон ёшли бобо, сен ҳам дунёнинг
Ҳаммасини кўрдим, демагил.
Асло ундай дема,
Ўн гулимдан бири ҳам
Очилмаган деб тургил ҳар вақт.
Ҳаммасини кўрдим,
Тўйдим деган кунинг, билсанг,
Яшамоққа қолмайди ҳожат.

1960

✍️ Абдулла Орипов


ВАФО

“Менга вафо қилмагач санам
Хотинларга ҳурматим нечун?”
Шу байтларни ёзаётган дам
Осонмиди Лермонтов учун.

Энди мисга айланган олтин,
Вафо сўзин англашар аранг.
Лермонтовни айблашдан олдин,
Ҳаётга ҳам қайрилиб қаранг.

               2015 йил 8 февраль

✍️ Абдулла Орипов


МАНТИҚ

Дунёдаги жамики неъмат,
Инсон учун яралган, дерлар.
Дарёлар ҳам теграда фақат
Бизлар учун таралган, дерлар.
 
Ер остида конлар ҳам шундоқ,
Тайёрланган фақат биз учун.
Ёғ билан сут, патир ва қаймоқ
Оширади танамиз кучин.
 
Мен мантиқни севдим жуда ҳам,
Лекин чиқди саволлар доим.
Хўш, ким учун яшайди одам?
Ёлғиз Ўзи билгай Худойим.
 
АКШ,Хьюстон, 10.09.2016

✍️ Абдулла Орипов


РОСТГЎЙЛИК

Мени лақиллатиб,
Айтаверма сўз,
Мана бу оташдир,
Мана бу-чи, муз.
Қурбақа эмасдир
Малика асло,
Яхшини яхши де,
Ёвузни ёвуз.

2015 йил 9 сентябрь. АҚШ, Хьюстон

✍️ Абдулла Орипов


ХОНАКИ ФИЛ

Йилларим ўтдилар,
Ўргандим қўлга,
Айландим сиз кўрган
Хонаки филга.

Гарчи хўжайиним
Қилтириқ, ориқ,
Жонимни суғуриб 
Олмоғи аниқ.

Фириб тушмасайди
Агар ёнига,
Улоқтирар эдим
Ҳинд уммонига.

Қамчин ва таёқнинг
Заҳрин билмабсиз,
Дунёга келмабсиз,
Ҳали келмабсиз.

2015 йил 4 сентябрь. АҚШ, Хьюстон

✍️ Абдулла Орипов


МАСЪУЛЛАР

Ерда тараққиёт авжига минди,
Эга топилгайдир ҳар қандай корга.
Аввал битта қассоб етарди, энди
Ўнта қассоб бордир битта қўчқорга.

Илгари замонлар довруғи баланд,
Бир бахши яшарди овулда ғолиб.
Бугун катта-кичик ижод билан банд,
Куйлар, халачўпни қўлига олиб.

Қачондир каттакон маҳалла-кўйни,
Уддалаб келарди ёлғиз оқсоқол.
Ҳозир рота бўлиб бошқарар тўйни,
Басдир, ёдда қолган уч-тўртта мақол.

Гапларим киноя, пичингдан йироқ,
Бу - янги асрнинг мутоибаси.
Масъуллар янада бўлсалар кўпроқ,
Шаклланиб борар ҳалқ тоифаси.

Гўдаклар ўзини посбон дейди чўнг,
Ўйинчоқ милтиғин отиб толмайди.
Ҳамма қўриқчига айлангандан сўнг,
Қўриқланадиган нарса қолмайди.

Хўш, ундан кейин-чи? Юз берар не ҳол?
Яна мажлис қилиб, йўриқлашади.
Вазифа кўриниб турибди яққол:
Энди бир-бирларин қўриқлашади.

2015 йил 3 сентябрь. АҚШ, Хьюстон.

✍️ Абдулла Орипов


ЧАЛА ИМОРАТ
 
Оғзин очиб ётар чала иморат, 
Атрофи ўраю тошдан иборат.
 
Ҳар ён чакалакзор, бурган ва янтоқ,  
Остона ўйилган, узилган равоқ.
 
Хотирами дейсан у қаттол жангдан, 
Ё ёдгор асрлар қолдирган чангдан.
 
Қора туйнукларда увиллар шамол,  
Қамиш том гажирлар маҳзун, бемажол.
 
Баҳор, ёз ўтади, ҳануз у чала,  
Каламушлар ғуж-ғуж, қушлар хам гала.
 
Ташландиқ бу уйнинг соҳиби кимдир?  
Ё фалак! Бу ҳолнинг сабабин билдир!
 
Бир қуш ярим тунда беради садо,  
Саволимга жавоб қилгандай гўё:
 
- Не керак гапингнинг нега, негаси, 
Ё шоир, ё марҳум бунинг эгаси.
 
2002 йил, август 

✍️ Абдулла Орипов


ЎЗБЕКМАН
 
Янги бир асрнинг остонаси бу, 
Етишдим умримнинг қутлуғ ёшига. 
Тилимда шукрона, дилимда ғулу, 
Тарих саркотибин келдим қошига:
 
Мана, мен ўзбекман, қўлимда туғим  
Ва барча аъмолим битилган китоб. 
Шунинг ичидадир борим ва йўғим, 
Шунинг ичидадир мен учун офтоб.
 
Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун, 
Тилим қисиқ эмас башариятдан. 
Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун,  
Зувалам қорилган самимиятдан.
 
Ўзбекман, гоҳида иқболим кулиб, 
Гоҳида ўзимдан чиққан офатим. 
Дунёни олсам-да жаҳонгир бўлиб, 
Гўдак йиғисига йўқдир тоқатим.
 
Ўзбекман, қанчалик жафо чекмайин, 
Ўзимга ҳақ эдим, ўзимга ҳақман. 
Яшадим ёвларга бўйин эгмайин, 
Бугун ўз эркига эришган халқман.
 
Истиқлол, кетма юрт пешонасидан, 
Толе, тарк этмагин бизни илоҳим. 
Мана, янги аср остонасидан 
Ўтдим. Бисмиллоҳир Роҳмонир Роҳийм.
 
2000 йил, декабрь

✍️ Абдулла Орипов


ИМТИҲОН

Сен Ватан ҳақида берма кўп савол,
Лоф урма Ватаннинг муҳаббати деб.
Уни мансаб каби айлама хаёл,
Ёхуд маърузангга эмасдир у зеб.
Ватан танангдаги жондир, қондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Бу улуғ севгида илоҳийлик бор,
Ватанни чин фарзанд фаромуш этмас.
Менга ўз туйғумни ўргатма зинҳор,
Инчунин, кибрнинг бозори ўтмас.
Рост гапни ёлғондан фарқлар ондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Асл қаҳрамон ким ёруғ дунёда?
Ғоясин таъмага алмашмаган зот.
Чуғурчуқ кўпайса ҳаддан зиёда,
Бургут бўлиб яшаш олий мукофот.
Қул ҳам юртин севса шоҳдир, хондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Гарчи кўҳна замин умум макондир,
Инсоннинг ҳар жойда ёнсин чироғи.
Мўъжаз бўлса ҳамки, кулбанг ошёндир,
Она даргоҳидек унинг қучоғи.
Сен учун поёнсиз каҳкашондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Азал мусофирдир дунёда одам,
Руҳим гарчи собит, муаллақ таним.
Бир умр қўйнингда муқим турсам ҳам,
Соғиниб яшадим сени, Ватаним.
Меҳр бир, нафрат ҳам бир томондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

Майли суймасинлар мени ғанимлар,
Йўлимни тўссинлар рақиблар ҳатто.
Ватан ҳар қайда ҳам маёқдек имлар,
Ғурурим юксалар самогача то.
Ҳеч кимга бергувсиз довруғ, шондир бу,
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу.

2015 йил 24 июль. АҚШ, Хьюстон.

✍️ Абдулла Орипов