Расмлар кўргазмасида улуғ шоир сиймоси

Эл-юртини севган, унинг тараққиёти ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилган фарзандларни унинг авлодлари ҳам ёддан чиқазмайди. Халқимизнинг тинч, тўкин ва барқарор ҳаёти, ёруғ келажаги йўлида курашган инсонлар номи ҳақли равишда абадиятга дахлдордир. Улуғларни ёдлаш, улардан қолган адабий меросни авлодларга етказиш, келгуси авлодга, хусусан ёшларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиш қутлуғ ниятли халқнинг азалий ва абадий қадриятларидандир. Ўзбек шеъриятининг гултожи саналган Ўзбекистон қаҳрамони,Ўзбекистон ҳалқ шоири Абдулла Орипов ижодини ўрганиш уни тарғиб қилиш, талаба ёшларга ўргатиш бўйича мана бир неча ҳафтадирки институтимиз томонидан “Адиблар хиёбони”да улуғ шоиримиз сиймоси қошида, ҳайкал олдида таъзим бажо этиш, гулчамбарлар қўйиш, унинг шеърларидан ўқиб, замондош олимларнинг хотирасидан баҳраманд бўлиш анъанага айланиб улгурди.

Шу маънода 2020 йил 4 июль куни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишлаб, “Қишлоқ хўжалигини энергия таъминоти” факультети декани А.Исаков бошчилигида профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлари иштирокида Факультетимиз талабаси Йўлдашева Мадинабону томонидан Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди  акс этган расмлар кўргазмаси ва давра суҳбати ташкил қилинди. Ушбу кўргазмада Абдулла Ориповнинг 20 га яқин расмлари кўргазма қилинди. Рассом Йўлдашева Мадинабону расмларни чизишда Абдулла Орипов шеърларидан илҳомлангани рост. Талабаларимиз томонидан шоир тўртликларидан ўқилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоира Сайёра Тўйчиева ҳам иштирок этди. Абдулла Ориповнинг шеърларидан ўқиди. Абдулла Ориповнинг инсонийлик хислатлари тўғрисида гапирди. Тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Ориповнинг шеъриятида руҳ озодлиги талқини, унинг жонкуяр ва ғамхўр устозлиги, бадиий ва публицистик асарларини алоҳида эътироф этдилар. Факультетимиз профессори А.Ражабов шоир ижодида уйғунлашган ҳаёт ва одамлар, жамият ва табиат ҳақидаги бадиий талқин ва шоирнинг юксак камолотидан дарак берганини унинг расмларидан билиш мумкин эканини таъкидлади.

.

ҚСХЭТ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Аброр Ботиров ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати